Агрокластерларда амалиёт: 6,8 минг талабага янги имконият

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш ва соҳада самарадорликни оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги беш йилда 826,5 минг гектар ер қишлоқ хўжалиги айланмасига киритилди. Шундан 409 минг гектари суғориладиган, 418 минг гектари эса лалми ва яйлов ерлар ҳисобидан ўзлаштирилди.
Соҳани илм-фан асосида ривожлантириш мақсадида 22 та илмий марказ, 260 та лаборатория ва 2,5 мингдан ортиқ олим ва илмий ходимлар ягона Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясига бирлаштирилади.
Кадрлар тайёрлаш тизими ҳам тубдан янгиланмоқда. Энди талабаларнинг амалиётга жалб этилиши кенгайтирилади: 6,8 минг нафар талаба агрокластер ва ишлаб чиқарувчи корхоналарда, 2,6 мингдан зиёди эса вазирлик тизимидаги илмий-тадқиқот институтларида амалиёт ўтайди.
Бу ўзгаришлар таълим, илм ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлаб, қишлоқ хўжалиги учун рақобатбардош ва малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.
