Янгиликлар Дунёда

Озарбайжонда пахта экспорти 16,6 фоизга ошди

Озарбайжон | Пахта саноати | Экспорт 

2026 йил январь–сентябрь ойларида Озарбайжоннинг нохомашё экспорти 3,2 миллиард АҚШ долларига етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20,5 фоиз кўпдир. Ижобий динамика кузатилган экспорт йўналишлари орасида пахта ҳам бор: унинг хорижга етказиб берилиши 16,6 фоизга ошди. Бу ҳақда Озарбайжон Иқтисодий ислоҳотлар ва коммуникациялар таҳлили маркази маълум қилди.

Экспорт ўсиши пахта-тўқимачилик занжирининг бир қатор бўғинларида ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши билан бирга кечмоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакатда 54,3 минг тонна хом пахта етиштирилди. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 12,9 фоиз кўп. Пахта ип-калаваси ишлаб чиқариш 18,8 минг тоннани ташкил этиб, 22,8 фоизга ўсди.

Давлат Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, январь–сентябрь ойларида Озарбайжон 106,8 минг тонна пахта толасини 152,1 миллион долларга экспорт қилган. Ушбу маҳсулот экспортининг қиймати 11,5 фоизга ошган. Пахта ип-калова экспорти эса 15,9 минг тоннани, қиймати 36,25 миллион долларни ташкил этди. Қиймат жиҳатидан ўсиш 47,2 фоизга етди.

[caption ид="аттачмент_10267" алигн="алигнноне" width="1024"] © Пҳото : Министрй оф Agriculture (Азербаижан)[/caption]

Пахтачилик Озарбайжон қишлоқ хўжалигининг анъанавий йўналишларидан бири ҳисобланади. 2025 йилда пахта экиладиган майдонлар қарийб 100,5 минг гектарни ташкил этган, ҳосил эса Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, 362,9 минг тонна бўлган. Ўртача ҳосилдорлик гектарига 36,1 центнерга етган.

Шу йилда пахта толаси ишлаб чиқариш ҳажми тахминан 97 минг тонна, пахта ип-калова ишлаб чиқариш эса 22 минг тонна атрофида баҳоланган. Қишлоқ хўжалиги вазири Мажнун Мамедовнинг маълумотига кўра, мато ишлаб чиқариш ҳажми 33,6 миллион квадрат метрни ташкил этган. Пахта етиштириш асосан бир қатор қишлоқ хўжалиги ҳудудларида жамланган. Улар орасида Саатли, Агжабади, Бейлаган, Сабирабад, Биласувар ва Нефтчала туманлари йирик марказлар ҳисобланади. 2025 йилда Саатли, Агжабади ва Бейлаган туманлари жами пахта ҳосилининг тахминан учдан бир қисмини таъминлаган.

2025 йилда Озарбайжон қарийб 114,3 минг тонна пахта толасини 161,9 миллион долларга экспорт қилган. Шунингдек, хорижга 15,1 минг тонна пахта ип-калова 34 миллион доллар атрофидаги қийматда ҳамда 12,8 миллион квадрат метр мато етказиб берилган.  Бу кўрсаткичлар пахта толаси ҳали ҳам экспортнинг муҳим товар тоифаларидан бири эканини кўрсатади.

Пахта Озарбайжон иқтисодиётида қандай ўрин тутади?


Қишлоқ хўжалиги вазири Мажнун Мамедов баҳосига кўра, 2025 йилда пахтачиликнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ҳажмидаги улуши тахминан 2 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, пахта майдонлари бир йиллик қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларининг қарийб 6,3 фоизига тенг бўлган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва уларни қайта ишлашдан олинадиган экспорт таркибида пахтанинг улуши 13,3 фоизга етган.

2025 йилда пахта етиштириш ва қайта ишлаш соҳаларида тахминан 50 минг нафар доимий ва мавсумий ишчи банд бўлган. Вазир баҳосига кўра, тармоқ фаолияти ходимларнинг оила аъзоларини ҳам ҳисобга олганда, 200–300 минг нафар инсоннинг даромади ва фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатади. Умуман, тўқимачилик саноати динамикасини ҳам алоҳида ҳисобга олиш лозим. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январь–сентябрь ойларида қайта ишлаш саноати таркибидаги тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми йиллик ҳисобда 47,6 фоизга ошган.

#Озарбайжон #пахта_толаси #экспорт

Батафсил ўқиш · Маркетплейслар Озон ўзбекистонлик сотувчиларга 2027 йил сентябрига қадар товарларни омборда бепул сақлаш имкониятини тақдим этди