Наманган Ўзбекистоннинг «заргарлик маркази»га айланиши мумкин

Наманган вилоятида заргарлик саноатини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт ҳажмини оширишга қаратилган йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. 

«НБУ Jewelry Гроуп» ташаббуси билан ташкил этилган заргарлик кластери йилига 800 килограмм маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлиши режалаштирилган. Наманган вилоятида ташкил этилган заргарлик кластери маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, хорижий инвесторлар ва кичик бизнес субъектларини ягона ишлаб чиқариш инфратузилмаси атрофида бирлаштиришни мақсад қилган. Лойиҳа Давлатобод туманида, «Афсоналар водийси» тематик парки ҳудудида жойлашгану. Кластернинг умумий майдони 1 234,04 квадрат метрни ташкил этади. Шундан 905,99 квадрат метр ишлаб чиқариш бинолари, 269,01 квадрат метр шоурумлар ва 59,04 квадрат метр банк кассаси учун ажратилган. Лойиҳанинг умумий йиллик ишлаб чиқариш қуввати 800 килограмм заргарлик маҳсулотларини ташкил этиши кўзда тутилган. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг қиймати 1,6 триллион сўм ёки тахминан 130 миллион АҚШ долларига баҳоланган. Шундан 480 килограмм маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилган. Асосий экспорт йўналишлари сифатида Туркия, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари белгиланган. 2026 йилда лойиҳанинг инвестиция босқичлари бошланди. Биринчи босқичда Ҳиндистоннинг «Модерн Голд Jewelry Manufacturing» компанияси жалб қилинди. Мазкур босқич доирасида инвестор томонидан 4 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш а 50 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. 2026 йил 2 март куни «Модерн Голд Jewelry Manufactory» МЧЖ ҳамда «НБУ Jewelry Гроуп» МЧЖ ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Унда ишлаб чиқариш фаолиятини босқичма-босқич кенгайтириш ва қувватларни ошириш бўйича келишувга эришилди. Маҳаллий заргарлар учун ҳам янги имкониятлар Кластер фаолияти фақат йирик хорижий инвесторлар билан чекланмайди. Лойиҳада якка тартибдаги тадбиркорлар, оилавий корхоналар ва кичик бизнес вакилларини ҳам ишлаб чиқариш жараёнларига кенг жалб қилиш назарда тутилган. Бу маҳаллий заргарлар учун замонавий ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш, бизнес фаолиятини кенгайтириш ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятини яратади. «НБУ Jewelry Гроуп» маълумотига кўра, кластернинг ишлаб чиқариш қувватларини босқичма-босқич ошириш натижасида янги иш ўринлари сонини 700 нафарга етказиш режалаштирилган.