Қозоғистонда саноат туризми: корхоналарга экскурсиялар йўлга қўйилди

Эндиликда Қозоғистоннинг Остона шахрига ташриф буюраётган туристлар нафақат тарихий ва маданий обидаларни, балки замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини ҳам зиёрат қилиш имкониятига эга бўладилар. Шаҳар ҳокимиятининг ташаббуси билан саноат туризмни ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳа амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида саноат корхоналари туристлар, инвесторлар ва бошқа меҳмонлар учун махсус экскурсия дастурларини ишлаб чиқмоқда. Бу ташрифлар орқали сайёҳлар Остананинг саноат салоҳияти, технологик ютуқлари ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўладилар.
Дастлабки босқичда шаҳарнинг олти йирик корхонаси махсус ўқув семинарларида иштирок этди. Улар орасида:
* “Ютария” тикив фабрикаси,
* “МФА Интернатионал” респиратор ишлаб чиқарувчи завод,
* “МОДЕХ” темир-бетон конструкциялари заводи,
* “Аромат” парфюмерия маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси,
* “СталЦзинк” – йўл ва кўприк тўсқичлари ишлаб чиқарувчиси,
* ва “АЕТЗ” – Остана электротехника заводи мавжуд.
Корхоналар экскурсияларни ташкил этиш, туристларни қабул қилиш маданияти ҳамда халқаро тажрибалар билан яқиндан танишдилар. Натижада саноат объектлари эндиликда нафақат ишлаб чиқариш маскани, балки туристик йўналиш сифатида ҳам фаолият юритади. Ушбу экскурсиялар бошқа диққатга сазовор жойлар билан бирлаштирилиб, комплекс турпакетлар шаклида туристларга тақдим этилиши режалаштирилган. Бу ташаббус Остана шаҳрининг технологик марказ сифатида мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
