♻️ Биопарчаланувчи кийимлар — Фаст Фашион ишқибозлари учун таклиф

Тасаввур қилинг, кийимларингиздан тезда зерикиб, уларни осонгина янгилашингиз мумкин. Эскирган кийимлар эса тупроқда зарар қилмай парчаланиб кетади.
Биопарчаланувчи мода — бу кўплаб замонавий экологик муаммоларга жавоб бўлувчи инновацион ва атроф-муҳит учун оқилона ёндашувдир. Бундай кийимлар табиий материаллардан — сув ўтлари, қўзиқоринлар, жўхори крахмали каби моддалардан тайёрланиб, фойдаланилгач, бутунлай тупроққа айланади.
Ушбу ғояни амалда ҳаётга тадбиқ қилаётганлардан бири дизайнер Каролин Цимбалистдир. У ўз ошхонасида биоматериаллардан нодир либослар яратади. Ҳар бир кўйлаги — бу нафақат мода, балки табиатга ҳурмат ифодасидир. Унинг коллекциясида, масалан, хонанда Чаппел Роан кийган кийимлар ҳам бор.
Цимбалист кийимлари ламинария каби жигарранг сув ўтларидан олинган алгинатлар асосида тайёрланади. Уларга мустаҳкамлик ва егилувчанлик бериш учун жўхори крахмали қўшилади. Аралаш пиширилиб, қолипларга қуйилиб, қуритилгач, юмшоқ ва матога ўхшаш плёнкага айланади. Бу мато енгил, ёқимли ялтироққа эга, аммо намликка чидамсиз.
Энг муҳими — бу кийимлар 100% биопарчаланувчи бўлиб, компостда бир неча ҳафта ичида тўлиқ йўқолади.
Мода ўзгармоқда. Бугун у нафақат услуб, балки онгли танловдир. Сайёрамиз учун тўғри қадамни танланг.
