Андижон тўқимачилик маҳсулотлари энди АҚШ бозорида

АҚШнинг Миссури штати, Сент-Луис шаҳрида Андижон вилоятида ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотлари учун янги савдо уйи очилди.
Мазкур шоурумда тайёр кийим-кечак маҳсулотлари доимий равишда намойиш этилади. Унинг қулай логистика ҳудудида жойлашгани Ўзбекистон маҳсулотларини АҚШнинг турли штатларига самарали етказиб бериш имконини яратади.
Ушбу ташаббус ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини Америка бозорига олиб чиқиш, янги харидорлар эътиборига ҳавола этиш ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, ИТФ Гроуп LLC директори Саидазим Бурхонхўжаев ҳамда АҚШ ва Ўзбекистоннинг бизнес доиралари вакиллари иштирок этди.
Ташриф доирасида томонлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш ва инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича музокаралар олиб борилди.
