“Мергантекс” халқаро кўргазмада ўз салоҳиятини намойиш этди

Бухоро вилояти, Олот туманида жойлашган “Мергантекс” МЧЖ жорий йилнинг 9–11-сентябр кунлари бўлиб ўтган Глобал Техтиле Дайс халқаро кўргазмасида ўз маҳсулотлари билан фаол иштирок этди.
2018-йилдан буён фаолият юритаётган “Мергантекс” — йирик енгил саноат корхоналаридан бўлиб, ип йиғирув, тўқув ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхона 6 гектар майдонда жойлашган бўлиб, 20 600 кв.м ишлаб чиқариш иншоотларига эга.
Лойиҳа умумий қиймати 14 миллион АҚШ доллари бўлиб, шундан 5,8 миллиони корхонанинг ўз маблағи, 8,2 миллиони эса тижорат банки кредитлари ҳисобидан молиялаштирилган. Корхонада 540 нафар ишчи меҳнат қилмоқда.
Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 5,7 миллион погонометр ип-калавани ташкил этади. Маҳсулотлар сифат жиҳатидан халқаро стандартларга жавоб бериб, Россия, Туркия, Қозоғистон, Босния ва Герцеговина каби давлатларга экспорт қилинмоқда. Фақатгина 2024-йилнинг ўзида 3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Корхона томонидан ўтган йили давлат бюджетига 7,8 миллиард сўм миқдорида солиқ ва бошқа тўловлар тўланган.
Бундан ташқари, “Мергантекс” қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам фаол бўлиб, пахтачилик, ғаллачилик, қайта ишлаш ва сервис хизматлари соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқда.
