Дунёда

Барбие қўғирчоқлари дизайнерлари фожиали ҳолатда вафот этди

Barbie қўғирчоқлари дизайнерлари фожиали ҳолатда вафот этди

Санъат ва ижод ҳеч қачон ўлмайди — улар қалбларда яшайди, жонланади ва келажак авлодларга ёруғ йўл кўрсатишда давом этади. Афсуски, Италияда юз берган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида дунёга машҳур коллекцион Барбие қўғирчоқларининг муаллифлари, таниқли дизайнерлар Марио Палино ва Жанни Гросси ҳаётдан эрта кўз юмдилар.

Автоҳалокат Турин–Милан автомагистралида содир бўлиб, маҳаллий ОАВларга кўра, уларнинг автомашинаси қарама-қарши йўналишга чиққан машина билан тўқнашган.

Палино ва Гросси Магиа2000 бренди остида фаолият юритиб, Маттел компанияси билан ҳамкорликда машҳурлар образидаги эксклюзив Барбие коллекцияларини яратган. Улар ижодида Леди Гага, Мадонна, Шер, Фрида Кало каби таниқли шахслар қиёфасидаги моделлари алоҳида эътирофга сазовор бўлган.

Улар ўйинчоқ ва санъат чегарасини бартараф этган, ҳар бир қўғирчоққа санъат асарига хос ёндашувни сингдирган ижодкорлар сифатида танилган.

Маттел компанияси расмий баёнотида Марио Палино ва Жанни Гроссини “қўғирчоқлар дунёсини абадий шакллантирган бебаҳо санъаткорлар” деб атаб, уларнинг йўқотилиши саноат учун катта зарба эканини таъкидлади.

Мазкур фожиа мода ва ўйинчоқ саноати учун катта йўқотиш бўлиб, уларнинг мероси мухлислар қалбида доимий сақланади.

Батафсил ўқиш Раҳим Эмброидерй Ўзбекистоннинг тўқимачилик соҳасига сармоя киритишга тайёр