Бухорода $13 млнлик тўқимачилик корхонаси ишга тушмоқда

Бухоро вилоятининг Олот туманида янги “Олот Асака Текстил” тўқимачилик корхонаси фаолиятини бошламоқда. Ҳозирда корхонада қурилиш-монтаж ва жиҳозлаш ишлари якунланиб, тез кунларда ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа қиймати 13 миллион АҚШ долларни ташкил этиб, ишга туширилгандан сўнг, 380 нафар фуқаронинг доимий бандлиги таъминланади. Бу эса ҳудудда янги иш ўринларини яратиш ва маҳаллий иқтисодиётнинг ривожланишига катта ҳисса қўшади.
Вилоят хокими корхонага ташриф буюриб, ишларнинг бориши билан танишди, ходимлар билан суҳбатлашди ва корхона тезроқ тўлиқ қувватда ишлаши учун зарур кўрсатмалар берди.
“Олот Асака Текстил” корхонасининг ишга туширилиши Олот туманида саноат салоҳиятини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
