Фарғона вилояти экспорт салоҳиятини мустаҳкамламоқда: Жанубий Кореяда Ўзбекистон маҳсулотлари учун савдо-логистика маркази очилди

Spot.uz ахборот агентлиги хабарига кўра, Жанубий Кореянинг Паранг шаҳрида Корета компаниясига тегишли янги савдо ва омбор мажмуаси ишга туширилди. Ушбу марказ Фарғона вилоятидан тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотларини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган.
Лойиҳанинг қиймати 6 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ташаббускорлар — фарғоналик уч нафар ёш тадбиркор: Абдувоҳид Қодиров, Жавоҳир Валиев ва Муҳаммадсаид Хўжаев.
Мазкур марказ Ўзбекистон маҳсулотларини Жанубий Корея бозорига етказиб беришни йўлга қўяди, савдо алоқаларини мустаҳкамлаб, минтақадаги экспортчилар учун янги имкониятлар яратади.
Корета компанияси озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотлари импорти бўйича етакчи ҳисобланади ва ҳозирда Ўзбекистон, Польша, Италия, Болгария каби 17 давлат билан ҳамкорлик қилмоқда.
Бу лойиҳа нафақат логистика соҳасидаги муҳим қадам, балки минтақавий ташаббусларнинг халқаро муваффақиятларга айланишига яққол мисолдир.
