Ўзбекистон

Инклюзив кийимлар: Россия кўмагида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Инклюзив кийимлар: Россия кўмагида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Тошкентда Россия тўқимачилик компаниялари делегацияси (Росмолодёж ва Россия Савдо ваколатхонаси кўмагида) ҳамда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ўртасида ўтказилган музокаралар якунида муҳим келишувга эришилди. Унга кўра, Ўзбекистонда инклюзив кийим-кечак ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишига айланади.

Ушбу келишув доирасида россиялик технолог ва конструкторлар Ўзбекистон фабрикалари ходимлари учун ўқув дастурларини ташкил этади. Мақсад — фақат назарий билим эмас, балки республикада фаолият юритаётган корхоналар негизида амалий контрактли ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир.

Енгил саноат ЯИМнинг 8,8 фоизини ташкил этадиган Ўзбекистон учун бу ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ва юқори малака талаб қилувчи янги йўналишни ўзлаштириш имкониятини беради. Бу ташаббус мамлакатнинг минтақавий тўқимачилик маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаб, мато ва тайёр маҳсулот экспортини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш имконини беради. Мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланилиши лойиҳа тез ва самарали амалга оширилишини таъминлайди.

Инклюзив кийимлардан ташқари, томонлар Ўзбекистон матоларини Россия бозорига етказиб беришни кенгайтириш ҳамда ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма дастурларни ҳам муҳокама қилдилар. Бу борада Росмолодёжнинг “Профессионалитет” каби ташаббуслари ва “Ўзтўқимачиликсаноат” салоҳиятидан фойдаланилади.

Батафсил ўқиш Жазирама кунларда ментолли матолар билан салқинланинг