Ўзбекистон

“Нил-Гранит” корхонаси экологик меъёрларни бузганлик учун яна жавобгарликка тортилади

“Нил-Гранит” корхонаси экологик меъёрларни бузганлик учун яна жавобгарликка тортилади

UPL.uz ахборот агентлиги маълумотларига кўра  «Нил-Гранит» корхонаси  (САМО бренди) Жанубий Фарғона каналига кўпикли оқова сувларни тўкканлик учун яна экологик қонунбузарликда айбланмоқда.

Биринчи ҳолат 2025 йил 21 май куни аниқланган бўлиб, ўшанда Хўжаобод туман суди корхона раҳбари Абдуваҳоб Маткаримовни 1 миллион 875 минг сўм жаримага тортган эди. Бироқ 26 июль куни Ширмонбулоқ қишлоғи аҳолиси яна сувда қалин оқ кўпик ва кимёвий чиқиндилар пайдо бўлганини маълум қилишди.

Экологлар ва маҳаллий аҳоли таъкидлашича, оқибатлар жуда жиддий: канал сувидаги балиқлар, қурбақалар ва бошқа тирик организмлар нобуд бўлмоқда, сув эса фойдаланишга яроқсиз ҳолга келмоқда.

Ҳозирда июль ойидаги ҳолат юзасидан янги баённома тузилган, бироқ суд жараёни ҳали бюрократик кечикишлар туфайли бошланмаган.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Фарғона канали — 1940–1941 йилларда қурилган бўлиб, Фарғона водийсининг энг йирик суғориш тизимидир. Унинг ифлосланиши бутун минтақадаги экология ва қишлоқ хўжалиги учун катта хавф туғдирмоқда.

Батафсил ўқиш Москвадаги CPM саноатининг йирик кўргазмаси олдидан бизнес-нонушта ўтказилди