Ўзбекистон

Ўзбекистон барқарор келажак сари: “Эко-индустриал зоналар” лойиҳаси бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди

Ўзбекистон барқарор келажак сари: “Эко-индустриал зоналар” лойиҳаси бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди

Тошкентда Eco Эхпо Central Асиа 2025 халқаро кўргазмаси доирасида Ўзбекистонда “эко-индустриал зоналар” (ЭИЗ) яратишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Мазкур пилот лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан БМТ Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО) ва ГИЗ билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Унинг мақсади – саноат зоналарини барқарор ривожланиш марказларига айлантиришдир.

Тадбирда мутахассислар лойиҳа ҳақида батафсил маълумот бердилар ва дастлабки натижаларни тақдим этдилар.

ЮНИДОнинг бош техник маслаҳатчиси Клаус Тёрккё ўз чиқишида қуйидагиларни таъкидлади:
“Эко-парклар – бу шунчаки яшил ташаббус эмас. Бу – компаниялар ресурсларни бирга фойдаланадиган, энергия тежайдиган ва иқтисодий қиймат яратадиган хавфсиз ва рақобатбардош кластерлардир. Ўзбекистон ўзининг стратегик жойлашуви ва саноат салоҳияти билан бу йўналишда етакчига айланиши ва халқаро инвесторларни жалб этиши мумкин.”

ЭИЗ лойиҳасининг миллий мутахассиси Бахтиёр Нуритдинов қуйидагиларни қайд этди:
“Бизнинг асосий мақсадимиз – экология ва ижтимоий масъулият орқали саноат тармоқларини ривожлантириш. Ургут ЭИЗ ва Фарғона Механик зоналарида 20 та корхонада ресурс самарадорлиги (RECP) бўйича таҳлиллар ўтказилди, энергия, сув ва хомашё тежашга қаратилган индивидуал ечимлар ишлаб чиқилди ҳамда саноат симбиози дастурлари ишга туширилди. Асосий йўналишлар: тўқимачилик, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати ва машинасозлик.”

ГИЗ лойиҳалар менежери Игорь Еременко шундай деди:
“Биз Ўзбекистонни яшил саноат ривожида қўллаб-қувватлаяпмиз. Эко-парклар – мамлакат учун янги тушунча бўлиб, улар корхоналарнинг экологик жиҳатдан барқарор ва глобал бозорларда рақобатбардош бўлишига хизмат қилади. Пилот лойиҳаларнинг муваффақияти ушбу моделни бошқа ҳудудларга кенгайтиришга замин яратади.”

Civitta CA консалтинг компанияси раҳбари Саидкамолхон Бурханов:
“Лойиҳа ҳамкори сифатида биз пилот зоналардаги 20 та корхонада ресурс самарадорлиги ва тоза ишлаб чиқариш (чиқиндиларни ва энергия сарфини камайтириш) методларини жорий этяпмиз. Мақсадимиз – Ургут ва Фарғона Механик зоналарига расмий эко-индустриал ҳудуд мақомини беришга тайёрлаш.”

Лойиҳа доирасидаги навбатдаги қадамлар:
-2025-йил охиригача бизнес-режалар ва технологик ечимлар ишлаб чиқилади;
-Лойиҳа натижаларини тақдим этиш бўйича миллий семинарлар ўтказилади;
-Маҳаллий мутахассислар учун ўқув дастурлари йўлга қўйилади;
-Яхши амалиётлар мамлакат саноат сиёсатига интеграция қилинади.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон саноатини яшил йўналишда трансформация қилиш, экологик изни камайтириш ва халқаро бозордаги позицияларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Батафсил ўқиш “ИДЕАЛ ТЕКСТИЛ ОРЗУ” Мўғилистоннинг "CASHMERE ҲОЛДИНГ" компанияси билан ҳамкорлик ўрнатди