“ИДЕАЛ ТЕКСТИЛ ОРЗУ” Мўғилистоннинг "CASHMERE ҲОЛДИНГ" компанияси билан ҳамкорлик ўрнатди

Мўғулистоннинг “CASHMERE ҲОЛДИНГ LLC” компанияси ҳамда Наманган вилоятидаги “ИДЕАЛ ТЕКСТИЛ ОРЗУ” корхонаси ўртасида жунни қайта ишлаш ва тайёр кашемир маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган қўшма лойиҳа бўйича келишувга эришилди.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон тадбиркорлари Мўғулистонга ташрифи доирасида амалга оширилди. Айтиш жоизки, Мўғулистон кашемир илшлаб чиқариш бўйича дунёда Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради. Кашемир мамлакат экспортининг муҳим қисмини ташкил этади.
Бу борада, 1981 йилда ташкил этилган CASHMERE ҲОЛДИНГ — 1000 нафардан ортиқ ишчига эга, маҳсулотларини 20 дан зиёд мамлакатга экспорт қилади ва 2024 йилда “барқарор ишлаб чиқарувчи” сифатида сертификат олган Мўғулистоннинг етакчи компанияларидан бири ҳисобланади.
Идеал Текстил Орзу МЧЖ — Наманганда жойлашган, 2018 йилда ташкил этилган йирик кийим-кечак ишлаб чиқарувчи корхона. Фабрикада эркаклар ва аёллар учун костюмлар, шимлар, курткалар ва формалар ишлаб чиқаради. Корхонада 800 дан ортиқ ходим фаолият юритади. Маҳсулотлари эса МДҲ ва Европа мамлакатларига экспорт қилинади.
Мазкур ҳамкорлик икки мамлакат ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, тажриба алмашиш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилишини кутишмоқда.
