Ўзбекистон енгил саноати 2025-йилнинг январь-май ойларида қандай ривожланди?

2025 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистон саноатида енгил саноат йўналиши муҳим ўсиш суръатларини намойиш этди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу даврда саноат маҳсулотлари умумий ҳажми 375,0 триллион сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 6,4% га ўсди.
Бу борада, енгил саноат — кийим-кечак, тўқимачилик тармоқларини ўз ичига олган ҳолда, мамлакат саноатидаги муҳим ўринлардан бирини эгалламоқда. 2025 йил 1 июнь ҳолатига кўра, ушбу йўналишда фаолият юритаётган корхоналар сони:
-Кийим-кечак ишлаб чиқариш – 5,8 мингта (10,1%)
-Тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 3,6 мингта (6,2%)
Енгил саноат маҳсулотлари қайта ишлаш саноати таркибида ҳам сезиларли улушга эга бўлиб, тўқимачилик, кийим-кечак ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш 16,6% ни ташкил этди. Ушбу йўналишда жисмоний ҳажм индекси 108,5% га етиб, ўсиш суръатлари юқорилигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, ушбу соҳа атроф-муҳитга таъсир кўрсатиши билан боғлиқ хизматлар ва чиқиндилар кўрсаткичларида ҳам ўсиш қайд этилди. Жумладан, тўқимачилик чиқиндилари ишлаб чиқарилиши 37,4% га ошди. Бу эса енгил саноат тармоғида қайта ишлаш ва чиқиндиларни самарали бошқариш заруратини яна бир бор кўрсатади.
