Ўзбекистон–Покистон: АҚШ ва Европа учун тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаради

“Дунё” АА маълумотига кўра, Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ва Покистоннинг йирик тўқимачилик ишлаб чиқарувчиси ўртасида видеоконференция ўтказилиб, АҚШ ва Европа бозорларига экспорт қилиш учун қўшма тўқимачилик ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Лойиҳа Ўзбекистондаги тўлиқ ишлатилмаётган фабрикалар негизида ташкил этилиши режалаштирилган. Бунда пахта хомашёси, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда Европа бозорига чиқишни осонлаштирувчи ГСП+ режими асосий имконият сифатида қайд этилди.
Томонлар замонавий технологияларни жорий этиш орқали сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспортни оширишни мақсад қилган. Бу эса янги иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилади.
Покистонлик инвесторлар халқаро брендлар учун маҳсулот ишлаб чиқаришга тайёр эканини билдирди. Якунда улар Ўзбекистонга ташриф буюриб, лойиҳа тафсилотларини жойида келишиб олишга келишиб олдилар.
