Ўзбекистон ва Покистон: Енгил саноатда ҳамкорликни кенгайтириш

Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб, сиёсий, маданий ва иқтисодий соҳаларни қамраб олмоқда.
Покистон – дунёдаги энг йирик тўқимачилик саноатига эга мамлакатлардан бири ҳисобланади. Покистон статистика бюроси (ПБС) маълумотларига кўра, 2024 йил июль-ноябрь ойларида мамлакатнинг тўқимачилик маҳсулотлари экспорти $7,61 миллиардга етди, бу эса 2023 йилнинг шу даврига ($6,9 миллиард) нисбатан 10,5% ўсишни ташкил қилди. Экспорт таркиби қуйидагича:
- Тайёр кийим-кечак – $1,7 миллиард (+23,10%)
- Уй-тўқимачилик маҳсулотлари – $1,74 миллиард (+22,15%)
- Трикотаж маҳсулотлари – $2,2 миллиард (+18,42%)
- Пахта матолари – $815,8 миллион (+4,2%)
- Бошқа маҳсулотлар – $1,6 миллиард.
Соҳавий манбаларга кўра, 2024 йил январь-ноябрь ойларида Покистоннинг умумий экспорти $15,43 миллиардга етган бўлиб, декабр ойи учун $1,5 миллиардлик прогноз билдирилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги иқтисодий алоқалар янада мустаҳкамланиб, муҳим бизнес учрашувлари ва йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда:
- Жаҳон миқёсида машҳур Табани Гроуп Ўзбекистонга қайтиб , янги инвестицион ташаббусларни бошлайди.
- Покистоннинг етакчи тўқимачилик компанияси Унион Fabrics Ўзбекистонда қўшма ишлаб чиқариш лойиҳасини ташкил этади.
- Ўзбекистонда Покистон тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари уюшмасининг филиали очилиши режалаштирилмоқда .
- Покистон чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари уюшмаси билан ҳамкорликда чармни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот – кийим-кечак, пойабзал, қўлқоп ва сувенирлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилади.
- Карачида Ўзбекистон савдо уйи очилди, бу эса мамлакатимиз тўқимачилик ва саноат маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Раҳбари ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ўртасидаги музокаралар натижасида преференциал савдо ва божхона жараёнларини соддалаштириш орқали ўзаро савдо ҳажмини $2 миллиардга етказиш режалаштирилган.
Жадал ривожланаётган ҳамкорлик икки давлат енгил саноати учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу шериклик минтақада иқтисодий ўсишни рағбатлантирувчи муҳим омил бўлиб, янги иш ўринлари яратилишига ва инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади.
