Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Туркия енгил саноатда ҳамкорликни кучайтирмоқда

Ўзбекистон ва Туркия енгил саноатда ҳамкорликни кучайтирмоқда

“Дунё” АА маълум қилишича, Ўзбекистон Енгил саноат агентлиги делегацияси Туркияга ташриф буюриб, енгил саноат соҳасида бир қатор муҳим келишувларга эришди.

Истанбул шаҳрида гиламчилик бўйича халқаро кўргазма доирасида йирик гилам экспортчилари билан мулоқот ўтказилиб, келгусида бундай кўргазмаларни Ўзбекистонда ҳам ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, Истанбул техника университети билан енгил саноат учун малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. “Defacto” ва “Docotton” компаниялари билан эса буюртмаларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ва айрим ишлаб чиқариш қувватларини мамлакатимизга кўчириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Измир шаҳрида Эге университети билан Ўзбекистонда енгил саноатга ихтисослашган факультет ташкил этиш масалалари муҳокама қилиниб, жорий йил март ойида қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилиши режалаштирилди.

Анқарада эса КОСГЕБ ҳамда Туркия Олий таълим кенгаши билан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инновацион лойиҳаларни ривожлантириш ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Батафсил ўқиш Ўзбекистон ва Ироқ ҳамкорлиги