Ўзбекистонда фаолияти тўхтаган тўқимачилик корхоналари Афғонистонга кўчирилмоқда

Савдо-саноат палатаси маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида саноат ҳамкорлиги янги босқичга чиқди. Икки томонлама меморандум доирасида мамлакатимизда фаолияти тўхтаган айрим тўқимачилик корхоналарини Афғонистон ҳудудида қайта ишга тушириш режалаштирилган.
18–23 октябрь кунлари ўзбекистонлик мутахассислардан иборат делегация Афғонистонга ташриф буюрди. Ташриф давомида Парвон, Қандаҳор, Балх ва Бағлон вилоятларида жойлашган йирик тўқимачилик фабрикаларининг инфратузилмаси ҳамда техник имкониятлари ўрганилди.
Мутахассислар томонидан тўпланган маълумотлар ҳозирда таҳлил қилинмоқда. Унга асосланиб, Афғонистонда тўқимачилик ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, саноатни модернизация қилиш ҳамда янги иш ўринларини яратишга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
