Ўзбекистонда илк бор глобал тўқимачилик бренди сотиб олинди

"Камалак Шабнам Текс" дунёга машҳур, 140 йиллик тарихга эга бўлган "Curt Бауэр" немис тўқимачилик компаниясини тўлиқ сотиб олди ва бренднинг барча активлари, технологиялари ва интеллектуал мулк ҳуқуқлари Ўзбекистонга ўтказди.
Бухоро вилоятида жойлашган ушбу корхона турли соҳалар учун иш ва махсус кийим ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Энди у янги лойиҳа доирасида полиэстер ва полиамид асосида автомобилсозлик, авиация, мудофаа, тиббиёт ва маиший саноат учун замонавий тўқимачилик материаллари ишлаб чиқаришни режалаштирган.
Ушбу ташаббус 785 та янги иш ўрни яратилиши билан бирга, Германиянинг илғор технологиялари ва ноу-хауларини юртимизга олиб киради.
Лойиҳа Ўзбекистон саноатини диверсификация қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга хизмат қилади.
