Ўзбекистонда Тах-Фрее: тизим қандай қилиб ўзбек маҳсулотларини илгари суришга тўсқинлик қилмоқда

2022-йилда Ўзбекистон хорижий сайёҳлар учун ҚҚСни қайтариш (Тах-Фрее) тизимини жорий этди ва кириб келувчи туризмни рағбатлантириш ҳамда меҳмонларнинг истеъмол харажатларини ошириш каби катта мақсад қўйди. Бироқ бир неча йил ўтгач, кутилган харидлар ўсиши кузатилмади. Олий суд делегациясининг Японияга ишчи сафари якунлари бўйича ўтказилган таҳлил тизим режалаштирилгандек ишламаётганини кўрсатмоқда.
Маҳаллий, айниқса миллий маҳсулотлар — гиламлар, халатлар, ипак ва бошқа матолар, бош кийимлар, кулолчилик буюмлари ва яна кўплаб маҳсулотлар, жумладан тўқимачилик ва тикув маҳсулотлари — сайёҳлар томонидан кучли эътиборга эга. Аммо механизмнинг номукаммаллиги сабаб ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар миллиардлаб сўмлик потенциал даромадни бой бермоқда.
Токиода Тах-Фрее туристик инфратузилманинг ажралмас қисми бўлиб, уни жорий этиш усули ўзбек делегацияси учун янгилик бўлди. Японияда Тах-Фрее мураккаб солиқ қайтарими эмас, балки дўконда дарҳол бериладиган оддий чегирма бўлиб, у қуйидагилар билан тавсифланади:
* Кассада дарҳол солиқдан озод этиш.
* Савдо ускуналарига интеграциялашган тўлиқ рақамлаштириш.
* Давлатнинг минимал иштироки — бутун жараённи бизнеснинг ўзи таъминлайди.
Натижада хорижий сайёҳ якуний, пасайтирилган нархни дарҳол кўради ва кўпроқ харид қилади. Япония ўзини “шоппинг-фриендлй дестинатион” (харидлар учун қулай манзил) сифатида шакллантирди; бу ерда Тах-Фрее кўринмас, аммо талабни рағбатлантирувчи кучли восита ҳисобланади.
Япониядан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда 653-сонли қарор билан белгиланган модель маъмурий-марказлашган қайтарим бўлиб, сайёҳдан қуйидагиларни талаб қилади:
* Чекларни сақлаш ва илова орқали рўйхатдан ўтиш.
* Аэропортда божхонада товарларни кўрсатиш — асосий муаммо, чунки юк кўпинча аллақачон топширилган бўлади.
* Белгиланган муддатда картага ҚҚСнинг 90%и қайтарилишини кутиш.
Аниқланган тизимли муаммолар қамровнинг чекланганлигига олиб келмоқда: дўконлар суст жалб қилинган, тизим кассалар билан интеграциялашмаган, бюрократик юкнинг асосий қисми эса сайёҳ зиммасида.
Кўплаб мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам, тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари сайёҳлар харидлари учун асосий тоифа ҳисобланади. Амалдаги Тах-Фрее тизими ушбу секторга бевосита зарар етказмоқда:
* Харид пайтида сайёҳ учун якуний нарх кассада озод этиш тизимига эга рақобатчиларга нисбатан 12% қимматроқ кўринади.
* Жараённинг мураккаблиги йирик ва қиммат харидлардан қайтариб, майда сувенирлар билан чекланишга мажбур қилади.
* Олиб кетилган ҳар бир маҳсулот — бренднинг хориждаги “жонли” рекламасидир. Мураккаб Тах-Фрее бу кўринмас экспортни қисқартиради.
Дўконлар қанча даромад йўқотаётганини шартли ҳисоблаб кўриш мумкин.
Бошланғич маълумотлар:
* Ойига ташриф буюрувчи сайёҳлар: 500 киши.
* Харидга айланиш коэффициенти (мураккаб Тах-Фрее билан): 15%.
* Ўртача чек (ҚҚСсиз): 1,2 млн сўм.
* Ойлик тушум: 75 × 1,2 млн = 90 млн сўм.
Тизим ислоҳ қилинса (кассада озод этиш), конверция 25% гача, ўртача чек эса дарҳол олинадиган фойда ҳисобидан 20% га ошиши прогноз қилинади.
* Харидлар сони: 500 × 25% = 125
* Янги ўртача чек: 1,2 млн × 1,2 = 1,44 млн сўм
* Ойлик тушум: 125 × 1,44 млн = 180 млн сўм.
Кўриниб турибдики, тизимни соддалаштириш битта савдо нуқтасида ҳам ойлик тушумни 90 млн сўмдан 180 млн сўмга, яъни икки баробарга ошириши мумкин. Ишламаётган механизм сабаб бутун тармоқ бўйича йўқотишлар йилига ўнлаб миллиард сўмга баҳоланади.
Нима қилиш мумкин?
* Чиқиб кетгандан кейин ҚҚСни қайтариш моделидан харид пайтида ҚҚСдан озод этиш моделига ўтиш.
* Тах-Фрее механизмни дўконларнинг онлайн-касса тизимларига интеграция қилиш.
* Товарлар ва савдо нуқталари рўйхатини кенгайтириб, тизимга ўрта ва кичик тўқимачилик дўконлари ҳамда ҳунармандчилик устахоналарини киритиш.
* Тах-Фрееъни солиқ имтиёзи эмас, балки туризм ва экспортни ривожлантириш воситаси сифатида кўриш. Самарқанд, Бухоро, Хива каби асосий туристик кластерларда соддалаштирилган тизим асосида тўқимачилик ва сувенир дўконларини улаб, реал иқтисодий самарани кўрсатадиган пилот лойиҳани ишга тушириш мумкин.
Афсуски, Ўзбекистондаги амалдаги Тах-Фрее тизими тўсиқларни бартараф этиш ўрнига уларни яратмоқда ва харидорларни жалб қилиш ўрнига чўчитмоқда. Япония ва бошқа мамлакатларда ўз самарадорлигини исботлаган тамойилларни жорий этиш Ўзбекистоннинг туристик кластери ва умуман олганда креатив иқтисодиётини ривожлантириш учун тезкор ва кучли туртки бўлиши мумкин.
