Тожикистон кластер тизимини жорий этмоқда

Сўнгги йилларда глобал иқтисодиётда ишлаб чиқаришни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот экспортини оширишга қаратилган ёндашувлар устувор аҳамият касб этмоқда. Шу жараёнда Тожикистон енгил саноатни модернизация қилиш йўлида муҳим ислоҳотларни бошлаб юборди.
Мамлакат енгил саноатини ривожлантиришда кластер моделини жорий этишни режалаштирмоқда. Ушбу ёндашув ишлаб чиқариш жараёнларини ягона тизимга бирлаштириш, қўшилган қийматни ошириш ҳамда тайёр кийим-кечак ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кўпайтиришга хизмат қилади.
2024-йилда мазкур йўналишдаги экспорт ҳажми 31 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Кластер модели хомашё етказиб беришдан тортиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва логистика жараёнларигача бўлган барча босқичларни қамраб олади.
Шунингдек, маркетинг ва логистика соҳаларида сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса маҳсулотларни ташқи бозорларга самарали олиб чиқиш ва рақобатбардошликни оширишга хизмат қилади.
