Покистоннинг етакчи тўқимачилик компанияси Ўзбекистонда ўз офисини очди

“Дунё” АА хабар беришига кўра, Покистоннинг етакчи тўқимачилик компанияси — Индус Гроуп Ўзбекистонда тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Тошкент шаҳрида ўз офисини очмоқда.
Ўзбекистон элчиси ва компания раҳбарияти ўртасидаги музокараларда мамлакатда тўқимачилик саноатини ривожлантириш, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш ҳамда экспорт имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар Ўзбекистонда тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва уни Россия ҳамда Европа бозорларига етказиб бериш бўйича ҳам фикр алмашдилар.
Учрашув якунида ҳамкорликни самарали ташкил этиш, маҳаллий шериклар билан ишлаш ва қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрида компания офисини очиш бўйича келишувга эришилди.
