“Қоракўл кумуш калава” имкониятларини кенгайтирмоқда

Бухоро вилояти Қоракўл туманида жойлашган “Қоракўл кумуш калава” корхонаси ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириб, ип-калавадан ярим тайёр ва тайёр матолар ишлаб чиқармоқда. Хитойдан янги тўқув дастгоҳини олиб келиб, маҳсулот сифати ва ҳажмини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда. Маҳсулотлар Россия, Хитой, Туркия ва Беларусьга экспорт қилинади. Уч гектар майдондаги фабрикада 400 га яқин ишчи банд.
2019 йилда ташкил этилган корхона Хитой, Германия ва Туркиядан замонавий технологияларни жорий этган. Биринчи йилида 3 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилган, 2022 йилда ишлаб чиқариш ҳажми 6 миллион долларга етган.
Ҳозирги кунда йиллик 10 миллион погона метр мато ва 3 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар жами 7 миллион доллардан зиёд қийматда экспорт қилинмоқда. Корхона маҳаллий кадрларни тайёрлаш ва ёшларни замонавий технологияларга ўргатишда ҳам фаол иштирок этади.
