Қозоғистонда 360 млн долларлик тўқимачилик кластери ишга тушмоқда

Хитой компанияси инвестицияси асосида Қозоғистонда тўлиқ ишлаб чиқариш циклига эга замонавий пахта-тўқимачилик кластери барпо этилмоқда.
Лойиҳа пахта етиштиришдан бошлаб, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот — мато ҳамда кийим-кечак ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичларни қамраб олади. Ҳозирга қадар иккита пахта қайта ишлаш заводи ишга туширилган.
Ушбу йирик ташаббус доирасида 360 миллион доллар сармоя киритилиб, пахта майдонларини 52 минг гектаргача кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда текстиль ва тикувчилик ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Натижада 4 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Бу лойиҳа Қозоғистон саноат салоҳиятини янада ошириб, экспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда иқтисодий ривожланишга катта туртки беради.
