Сирдарёда Марказий Осиёнинг энг йирик нотўқима мато ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга тушмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Ўзбекистонда биоаксил (биодеградацияга мос) полипропилен плёнка ишлаб чиқарадиган ягона корхона — “Инвест Асиа”га ташриф буюрди. Корхонада қадақлаш маҳсулотларининг асосий турлари ишлаб чиқарилиб, 2,5 мингга яқин иш ўрни яратилган. Жорий йилда 1,9 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва $23 млнлик экспорт амалга оширилган.
Йил якунига қадар бу ерда Марказий Осиёдаги энг йирик спанбонд ва мелтблаун — тиббиёт, қурилиш, маиший кимё ва қишлоқ хўжалигида кенг қўлланиладиган нотўқима мато ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади. Лойиҳалар тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг, иш ўринлари 10 минтга, полимерларни қайта ишлаш қуввати эса 280 минг тоннагача етиши режалаштирилган.
Бу лойиҳа нафақат Сирдарё вилоятининг саноат салоҳиятини оширади, балки мамлакатимизни Марказий Осиёда сифатли нотўқима матолар ишлаб чиқариш етакчиси сифатида танитишга хизмат қилади.
