Тему Қирғизистонда рўйхатдан ўтмоқда

Қирғизистон Республикаси халқаро электрон тижорат соҳасида очиқлик, қонунийлик ва хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқда. Шу йўналишда машҳур халқаро э-тижорат платформаси Тему билан ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.
Давлат солиқ хизмати раиси ўринбосарлари Мирлан Раҳманов ва Кубанычбек Ысабеков, Бош прокуратура, ҳамда “Кыргызпочтаси” АЖ вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Тему платформасининг Қирғизистон ҳудудида рўйхатдан ўтиши ва қонунчилик асосида фаолият юритиши масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўртасида электрон тижорат соҳасини тартибга солувчи амалдаги қонунлар, онлайн савдо фаолиятида шаффофликни таъминлаш, солиқ мажбуриятларини бажариш ва давлат идоралари билан ҳамкорлик механизмлари юзасидан фикр алмашилди.
Тему вакиллари компаниянинг Қирғизистон Республикасида расмий рўйхатдан ўтишга тайёр эканлигини билдирар экан, улар маҳаллий қонунчилик талабларига тўлиқ амал қилишга содиқ эканликларини таъкидладилар.
