Тўқимачилик, чарм ва ипак саноати маҳсулотларига қўйилган божлар нимани англатади?

2025 йил 1 июлдан бошлаб, тўқимачилк, чарм ва ипак саноати маҳсулотлари учун белгиланган тартибда асосий эътибор хом ашёни ички бозорда чуқур қайта ишлашни рағбатлантиришга ва қайта ишланмаган маҳсулотларнинг экспортини чеклашга қаратилган.
Пахта (1404 20 000 0) ва пахта толаси ҳамда унинг чиқиндиларига (5201, 5202, 5203) 100% бож хом ашёни экспорт қилишни деярли чеклайди ва унинг ички қайта ишлашини қўллаб-қувватлашга қаратилган, бу эса юқори қўшилган қийматга эга бўлган тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни оширишга ёрдам беради.
Пахта толасидан калава ипига (5205, 5206, 5207) 2% бож (тоннаси учун камида 50 доллар), 2027 йилдан бошлаб эса 5% (камида 125 доллар) бўлади. Бу ортиб бораётган бож калава ипнинг экспортини чеклашни ва мамлакат ичида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришни мақсад қилган.
Трикотаж матоларига (6001-6006) 1% бож, бу маҳсулотнинг рақобатбардошлигини оширади ва уларнинг экспорти учун қулай шароитлар яратади.
Чарм хом ашёсига (4101, 4102, 4103) 30% бож хом ашёни экспорт қилишни сезиларли даражада чеклайди ва мамлакат ичида чарм маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун чуқур қайта ишлашни рағбатлантиради.
Ошланган чармга (4104) ўсиб борадиган бож: 2025 йилда – 10% (тоннаси учун камида 300 доллар), 2026 йилда – 20% (тоннаси учун камида 600 доллар), 2028 йилда – 30% (тоннаси учун камида 900 доллар), бу ошланган чармнинг экспортини камайтириш ва уни тайёр маҳсулотларга (поябзал, аксессуарлар) қайта ишлашни рағбатлантиришни мақсад қилади.
Қўшимча қайта ишланган чармдан (4107, 4112, 4113) 5% белгиланган бож экспортини самарали қилади, лекин ишлаб чиқарувчиларни янада чуқурроқ қайта ишлаш босқичларига ўтишга ундайди.
Ипак қурти пилласига (5001) 50% бож (тоннаси учун камида 8 000 доллар) – бу деярли экспортни тақиқловчи чора бўлиб, пиллани ички қайта ишлашни ҳимоя қилишга қаратилган.
Ипак хом ашёси ва унинг чиқиндиларига ўсиб борадиган божлар: 2025 йилда – 1% (тоннаси учун камида 500 доллар), 2026 йилда – 5% (тоннаси учун камида 2 000 доллар), 2028 йилда – 10% (тоннаси учун камида 5 000 доллар) экспорт жозибадорлигини камайтиради ва ипакни тайёр матолар ва маҳсулотларга қайта ишлашни рағбатлантиради.
