Туркиянинг нуфузли журнали Ўзбекистонни чарм-пойабзал саноатида Марказий Осиёнинг янги бренди сифатида эътироф этди

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг чарм-пойабзал саноати жадал ва самарали ривожланмоқда. Бу ҳолат Туркиянинг нуфузли Туркиш Леатҳер Шоэс журналида алоҳида қайд этилди.
Журналнинг сўнгги сонида Ўзбекистоннинг чарм ва пойабзал саноатига бағишланган катта мақола эълон қилинди. Унда 2020 йилдан 2024 йилгача экспорт ҳажми 50 фоиздан ортиқ ошгани ва ушбу соҳанинг жаҳон бозорида тобора кучайиб бораётган салоҳияти таъкидланган.
Шунингдек, UzCharmExpo–EurAsia–2025 кўргазмаси Ўзбекистон чарм саноатини дунёга намойиш қилиш ва янги ҳамкорликларни йўлга қўйишда муҳим халқаро платформа сифатида қайд этилган. Тошкентда ўтказилган кўргазмада иштирок этган йирик хорижий компаниялар билан эришилган келишувлар мақолада батафсил ёритилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон нафақат хомашё етказиб берувчи давлат, балки замонавий дизайнга, экологик тоза ва юқори экспорт салоҳиятига эга бренд маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи етакчи кучга айланган. У Марказий Осиёда ва жаҳон бозорида янги истиқболли бренд сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда.
Туркиш Леатҳер Шоэс — Туркияда нашр этиладиган профессионал саноат журнали бўлиб, у чарм ва пойабзал соҳасидаги энг сўнгги янгиликлар, тенденциялар, технологиялар ва глобал бозор ўзгаришларига бағишланган. Журнал ишлаб чиқарувчилар, дизайнерлар ва соҳа мутахассислари учун ишончли ахборот манбаи ҳисобланади ҳамда Туркия чарм-пойабзал саноатини халқаро миқёсда тарғиб этишда муҳим роль ўйнайди.
