Фарғона ва Жанубий Корея компанияси тўқимачилик лойиҳаларини муҳокама қилди

Фарғона вилоятида тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш мақсадида Жанубий Кореянинг ShinWon Corporation компанияси билан ҳамкорлик қилиш режалаштирилмоқда.
Шу мақсадда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров компаниянинг саноат стратегияси бўйича вице-президенти Сунг Хван билан учрашиб, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва экспортни ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Томонлар Фарғонада қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, маҳаллий корхоналарни халқаро таъминот занжирларига жалб этиш ва маҳсулотларни хорижий бозорларга чиқариш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Ҳамкорлик доирасида Фарғонада янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш, экспорт ҳажмини ошириш ва маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларининг халқаро бозорлардаги улушини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
