Импортдаги икки баробар бож ставкалари бекор қилинди

Ўзбекистон Сенатида ташқи савдо ва компанияларни бошқариш қоидаларига ўзгартиш киритувчи янги қонун маъқулланди.
Ушбу янги қонун товарларни импорт ва экспорт қилиш жараёнларини соддалаштириш, ташқи савдони ҳалол ва қулай қилиш ҳамда Ўзбекистон қонунларини Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) қоидаларига мослаштиришга қаратилган.
Янги тартибларга кўра, илгари мамлакатга олиб кирилаётган маҳсулотда келиб чиқиш сертификати (яъни маҳсулот қаерда ишлаб чиқарилгани ҳақидаги ҳужжат) бўлмаса, импорт божхона тўлови икки баробар ундириларди. Энди эса бу қоида бекор қилинди — маҳсулот сертификатсиз бўлса ҳам, икки карра бож тўлаш талаб қилинмайди.
Шунингдек, божхона тўловларини амалга ошириш муддати ҳам қисқартирилди — илгари бу 5 иш куни бўлган бўлса, эндиликда божхона расмийлаштирувидан сўнг 3 иш куни ичида тўланиши керак бўлади.
Маълумки, тўқимачилик, айниқса, тикувчилик, шунингдек, чарм-пойабзал корхоналари кўп ҳолларда мато, фурнитура, чарм, бўёқ ва бошқа материалларни чет элдан олиб келади. Энди икки карра бож тўловлари бекор қилинади — бу ишлаб чиқариш харажатларини камайтиради. Шунингдек, божхона тўловлари бўйича тартиб-таомилларни тезлаштириш юкларни тезроқ расмийлаштиришни таъминлайди ва компаниялар хомашёни тезроқ қабул қилиб, ишлаб чиқаришни ортга сурмасдан бошлаб юборишлари мумкин бўлади.
Қулайлик бериш режими (ҚБР)да бўлмаган товарлар учун икки карра бож тўловларини бекор қилиш, ҳали махсус савдо келишувлари йўқ давлатлардан ҳам хомашё олиб кириш имконини беради. Бу эса етказиб берувчиларни танлашда кўпроқ эркинлик ва иқтисодий жиҳатдан фойдали шартларни топиш имконини яратади.
Бу ўз навбатида мамлакат иқтисодиётининг тез суръатларда ривожланиши учун имкониятларни кенгайтиради.
