Ирис ван Херпендан “Тирик либос”: Табиат билан уйғунликдаги келажак модаси

Париждаги Юқори мода ҳафталигида нидерландиялик дизайнер Ирис ван Херпен томонидан 125 миллион тирик биолюминесцент сув ўтларидан яратилган инқилобий либос тақдим этилди. Бу лойиҳа шунчаки мода тажрибаси эмас — у океанлар нозиклиги ва сайёрамиз келажаги ҳақида ўйлашга ундовчи даъватдир.
Дизайнер Кристофер Беллами (Био Crafted) билан ҳамкорликда Pyrocystis фусиформис микроорганизмларини махсус матога жойлаштирди. Натижада ҳаракатга сезгир, нафас олувчи ва юмшоқ мовий нур билан ялтировчи либос яратилди. Сув ўтларининг ҳаётини сақлаб қолиш учун улар денгиз суви асосидаги озиқлантирувчи гелга жойлаштирилган.
Дизайнернинг ўзи бу ҳақда шундай дейди:
"Ҳар бир ҳаракат либосни жонлантиради, уни тирик экотизимга айлантиради. Бу гардероб учун кийим эмас, бу — биз океанларни ҳаётсизлантираётганимизни эслатувчи белги."Тўплам таркибида яна 18 та ноёб образ бўлиб, ҳар бири алоҳида экотизимни ифодалайди: рассом Кейси Карран билан яратилган кинетик либосдан тортиб, медузаларнинг ҳаракатини акс эттирувчи ҳаводор матоларгача. Кўргазма муҳитини кучайтириш учун Ник Верстанд томонидан яратилган ёруғлик инсталляциялари ва Франсис Куркджан томонидан тайёрланган махсус денгиз ифори қўлланилди.
Ушбу коллекциянинг долзарблиги шундаки, дизайнер мода нафақат илҳомлантириши, балки табият олдида жавобгарликни ҳам ўз зиммасига олиши керак, деган чақириқни илгари суради.
