Ўзбекистон

Италиянинг “Cotonella” бренди Қашқадарёда 5 миллион долларлик инвестицион лойиҳасини амалга оширмоқда

Италиянинг “Cotonella” бренди Қашқадарёда 5 миллион долларлик инвестицион лойиҳасини амалга оширмоқда

Қашқадарё вилоятининг Қўкдала туманида Италиянинг машҳур “Cotonella” компанияси томонидан 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция асосида янги тўқимачилик фабрикаси қурилиши режалаштирилмоқда.

Лойиҳа доирасида 2 гектар майдонда замонавий ишлаб чиқариш иншооти барпо этилиши кўзда тутилган. Корхона ишга тушгач, 500 нафардан ортиқ маҳаллий хотин-қизлар доимий иш ўрни билан таъминланади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар эса тўғридан-тўғри Италия бозорларига экспорт қилинади.

Мазкур ташаббус Қўкдала туманининг саноат салоҳиятини ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлади.

Лойиҳага оид музокаралар туман ҳокимлиги биносида бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими ва “Cotonella” компанияси вакиллари иштирок этди, ҳамкорлик доирасидаги режалар ва лойиҳанинг амалга оширилиши босқичлари юзасидан келишувга эришилди.

Cotonella — 1972 йили Италияда ташкил этилган машҳур ички кийим ишлаб чиқарувчи компания бўлиб, аёллар, эркаклар ва болалар учун сифатли трикотаж маҳсулотлари билан танилган. Компания ҳар йили 20 миллиондан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқаради ва уларни Европа 24 мамлакатда сотувга чиқаради.

Батафсил ўқиш Аёллар бизнесини ривожлантириш учун Узум Маркет ва Ҳамроҳ'дан махсус лойиҳа