Жанубий Фарғона каналида кимёвий ифлосланиш аниқланди

Фарғона вилояти Ширмонбулоқ ҳудудидан ўтувчи Жанубий Фарғона каналидан ғалати кўпикли ва ўзгарган рангдаги сув оқиб ўтгани ҳақида аҳоли орасида жуда катта хавотир пайдо бўлди. Бу сувдан деҳқонлар экин суғоради, аҳоли эса кундалик эҳтиёжлар учун фойдаланади.
Текширувлар шуни кўрсатдики, канал яқинида жойлашган трикотаж‑тикув корхонаси ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилган сувни тозаламасдан тўғридан‑тўғри каналга оқизган.
Ўзгидрометнинг сув таҳлилларига кўра, сув таркибида нитрит, нитрат тузлари, ишқор бирикмалари ва ранг берувчи кимёвий моддалар аниқланган. Бу моддалар инсон саломатлиги ва экологик муҳит учун сезиларли даражада хавфлидир.
Экологик назорат органлари дарҳол чора кўриб, ифлосланиш манбасини бартараф этди ва вазиятни назорат остига олди.
Корхона фаолияти бўйича қўшимча текширувлар ва қонуний чоралар кўриш ишлари олиб борилмоқда.
