Нукусда замонавий тўқимачилик корхонаси барпо этилмоқда

«Дунё» АА маълум қилишича, Покистоннинг йирик тўқимачилик компанияларидан бири — «Индус Гроуп» Қорақалпоғистон Республикасида замонавий тўқимачилик корхонасини барпо этишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон делегациясининг Покистонга ташрифи доирасида «Индус Гроуп» раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди. Унда Нукусдаги технопарк ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий тўқимачилик корхонасини ташкил этиш масалалари муҳокама қилиниб, компания делегациясининг жорий йил давомида Қорақалпоғистонга ташрифи бўйича келишувга эришилди.
Лойиҳанинг амалга оширилиши ҳудудда замонавий тўқимачилик саноатини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
