Озарбайжонда ўзбек каштачилик санъати намойиш этилмоқда

Ўзбек ҳунармандчилиги ўзининг нафис ва нодир намунасини халқаро майдонда намойиш қилмоқда. ''Дунё АА'' хабар беришича, Боку шахридаги Миллий санъат музейида очилган “Сўзананинг яралиши” номли кўргазма катта қизиқиш билан қарши олинди. Тадбир “Ҳунарманд” уюшмаси, каштадўз Мадина Қосимбоева ва санъатшунос Бинафша Нодир ҳамкорлигида ташкил этилди.
Кўргазмада сўзана тайёрлаш жараёни — ип тайёрлаш, бўяш, нақш тушириш ва “жонлантириш” — намойиш қилинди. Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ва бошқа мактабларнинг хусусиятлари ҳамда рамзлар халқ тарихи билан боғлиқлиги кўрсатилди.
Мазкур кўргазма Озарбайжоннинг етакчи ахборот порталларида ёритилди ва 30-апрелга қадар давом этади. Ҳунармандчилик ва маданиятнинг бундай моҳирона намойиши икки халқ ўртасидаги маданий дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
