Ўзбекистон ЕОИИда тўқимачилик ва мебель маркази сифатида ўз позициясини мустаҳкамламоқда

Россиянинг йирик логистика компанияси “ПЭК” маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида Россия – Ўзбекистон – Қирғизистон йўналишида юк ташиш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 50% га ошган.
Энг катта талаб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотлари ва мебельга бўлмоқда. Улар Россиядаги улгуржи ва чакана харидорлар томонидан фаол харид қилинмоқда. Бу ҳолат Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) доирасидаги иқтисодий интеграциянинг чуқурлашуви, саноат кооперациясининг ривожланиши ҳамда минтақадаги ички талаб ортиб бораётгани билан изоҳланади.
Хитойдан келаётган маҳсулотлар ҳажми иккинчи чоракда 25% камайгани фонида, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи ўринга чиқмоқда. Ўзбекистон сифатли истеъмол маҳсулотларининг ишончли етказиб берувчисига айланаётган бўлса, Қирғизистон мева ва электр жиҳозлари экспортида ажралиб турибди.
Шунингдек, август ойида “юқори мавсум” — харидлар фаоллашуви ва янги ўқув йилига тайёргарлик сабабли логистика ҳаракатларининг янада кучайиши кутилмоқда.
