Ўзбекистон тўқимачилик анъаналари Вашингтонда намойиш этилди

«Дунё» АА маълум қилишича, жорий йилнинг 2 октябрь куни АҚШнинг Вашингтон шаҳрида Ўзбекистоннинг анъанавий ва замонавий тўқимачилик санъатига бағишланган «Нақш ибтидоси. Тўрт йўл: бир анъана» кўргазмаси бўлиб ўтди.
Кўргазмада атлас, адрас, абр мато, сўзана, каштачилик, зардузлик ва миллий либослар намуналари, шунингдек, анъанавий ҳунармандчиликнинг замонавий дизайндаги талқинлари намойиш этилди.
Тадбирда дипломатлар, санъат ва маданият соҳаси вакиллари, музей ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Кўргазма меҳмонларга ўзбек халқининг бой маданий мероси ва тўқимачилик анъаналари билан яқиндан танишиш имконини берди.
Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг бой тўқимачилик меросини халқаро майдонда тарғиб қилиш, миллий ҳунармандчиликни кенг танитиш ҳамда Ўзбекистон–АҚШ маданий алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
