Ўзбекистон ва Афғонистон тадбиркорлари янги ҳамкорликларга йўл очмоқда

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб, тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорлик янги имкониятлар билан бойиб бормоқда.
Ўзбекистон тадбиркорлари Афғонистонга ташриф буюриб, Қобул шаҳрида афғонистонлик ишбилармонлар билан учрашдилар. Бизнес-форумда икки мамлакатдан 400 дан ортиқ тадбиркор ва инвестор иштирок этди.
Учрашувларда тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, логистика ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, янги шериклар топиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.
Тадбир якунида бир қатор келишувларга эришилиб, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган шартномалар имзоланди. Бу икки давлат тадбиркорлари ўртасида янги бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш учун муҳим қадам бўлди.
