Ўзбекистон ва Беларус тўқимачилик соҳасида янги лойиҳаларни амалга оширади

Дунё ААнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ва Беларус тўқимачилик саноатида ҳамкорликни янада кенгайтирмоқда. Шу муносабат билан Минскда икки томон вакиллари иштирокида учрашув ўтказилиб, қатор келишувларга эришилди.
Учрашувда савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хомашё кооперациясини кенгайтириш, тажриба алмашиш ҳамда янги қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Беларуснинг “Свитанак”, “8 Марта”, “Гронитекс” ва “Моготекс” каби компаниялари Ўзбекистон корхоналари билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди. Самарқанднинг бой хомашё базаси ва Беларуснинг ишлаб чиқариш тажрибасидан самарали фойдаланиб, рақобатбардош маҳсулотлар яратиш имкониятлари қайд этилди.
Томонлар истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олди. Бу ҳамкорлик икки давлат тўқимачилик саноати ривожига янги туртки беради.
