ДунёдаЎзбекистон

Ўзбекистонлик дизайнерларнинг Франциядаги муваффақиятли иштироки

Ўзбекистонлик дизайнерларнинг Франциядаги муваффақиятли иштироки

Ўзбекистонлик дизайнерларнинг коллекциялари Парижнинг юрагида — Эйфель минораси, Сена дарёси бўйида намойиш этилди.

Мазкур маданий тадбир Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ва Марказий Осиё дизайнерлари иттифоқи “МОДИ” ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг дизайнерлик, ҳунармандчилик ва туризм соҳасидаги ютуқлари тақдим этилди.

Тадбирни Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Нодир Ғаниев очиб берди. Ўз нутқида у маданий дипломатия, миллий анъаналарни асраш ва туризмни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Унга кўра, айнан шундай тадбирлар халқаро майдонда мамлакатнинг ижобий имижини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Кечанинг бош безаги миллий либослар намойишида Ўзбекистон номидан Шахзода Ғофурова (Салма Couture),
Дилафруз Нуриддинова (ДФрауз), "НИСА” брендининг “Дилфуза Дизайн” каби дизайнерлар иштирок этди.

Адрас, атлас ва ипакдан тайёрланган, зардўзлик нақшлар ва миллий безаклар билан безатилган коллекциялар парижликлар ва дунё бўйлаб келган сайёҳлар орасида катта ҳайрат уйғотди. Бу образлар қадимий ўзбек анъаналари ва замонавий эстетикани уйғунлаштирган ҳолда намоён бўлди.

Мода кўргазмасидан ташқари, меҳмонларга Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳам таништирилди — Самарқанд, Бухоро ва Хива, ЮНЕСКО объектлари, экотуризм, термал мавсум ва миллий байрамлар ҳақида маълумотлар берилди.

Алоҳида майдонда ўзбек ҳунармандчилари — керамика, каштачилик, кулолчилик санъатлари усталари француз томошабинлари ва профессионал дизайнерлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.

Батафсил ўқиш Ўзбекистонда тўқимачилик чиқиндиларини қайта ишлаш лойиҳаси тақдим этилди