Пахта саноатига стратегик ёндашув: Кластерлар Кенгаши тузилади

Ўзбекистон Президенти фармонига мувофиқ, пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва соҳага инновацион технологияларни жорий этиш мақсадида Пахта-тўқимачилик кластерлари кенгаши ташкил этилади.
Мазкур ташаббус Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ўтказилган видеоконференция йиғилишида муҳокама қилинди. Унда Президентнинг "Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони лойиҳаси тингланиб, иштирокчилар томонидан атрофлича кўриб чиқилди.
Фармон лойиҳасида қуйидаги йўналишлар белгиланган:
-Кластерлар Кенгашининг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини яратиш;
-Пахта етиштириш ва қайта ишлаш занжирини оптималлаштириш;
-Янги инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;
-Пахта қабул қилиш пунктлари сонини ошириш;
-Тўқимачилик корхоналарини замонавий технологиялар асосида модернизация қилиш.
Йиғилишда соҳага оид мавжуд муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Кластер раҳбарлари томонидан фармон лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан амалий таклифлар билдирилди.
Мазкур Кенгаш фаолияти орқали пахта-тўқимачилик саноатининг самарадорлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кучайтириш ҳамда тармоқда инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш кўзда тутилмоқда.
