Ўзбекистон

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда пахтачиликни ривожлантириш бўйича улкан режаларни маълум қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда пахтачиликни ривожлантириш бўйича улкан режаларни маълум қилди

Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни арафасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, аграр соҳада эришилган ютуқларни юқори баҳолади ва келгуси йилдаги асосий вазифаларни белгилаб берди.

Мирзиёев ўз нутқида юқори натижаларга эришишда фермерлар, кластерлар ва қишлоқ хўжалиги мутахассисларининг ҳиссаси катта эканини таъкидлади. Бу инсонларнинг хизматлари ҳар қанча эътирофга лойиқ эканини таъкидлаб, соҳа фидойиларини давлат мукофотлари билан тақдирлади. Мукофотланганлар орасида пахта ҳосилдорлигини 80-90 центнерга етказган фермерлар, сув тежовчи технологиялар ва қуёш панелларини жорий этган мутахассислар бор.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири бўлган пахтачиликка алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари илғор фермер ва кластерлар тажрибаси асосида ҳосилдорликни ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш, фермерларни молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор инновацион чора-тадбирларни маълум қилди.

2025 йилда эришилган натижалар асосида 2026 йилда 4,5 миллион тонна пахта, 10 миллион тонна буғдой етиштириш бўйича катта марра олинди. Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш режалаштирилган:

- 2026 йилда 891 минг гектар пахта майдонида "76-схема" технологияси қўлланилади.
- Зараркунанда, гербицид, шўр ва қурғоқчиликка чидамли хорижий ғўза навлари экиладиган майдонлар 2 баробарга оширилиб, 500 минг гектарга етказилади.
- 300 минг гектарда "Шинжон" тажрибаси асосида томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинади. Бунинг учун 2,6 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.

Фермерларни рағбатлантириш учун янги молиялаштириш механизмлари жорий этилмоқда:

- Ўз ҳисобидан пахта етиштирган фермерларга ҳосилнинг 10%ча (250 миллиард сўм) субсидия берилади. Бунда кредит лимитининг ярмидан камидан фойдаланганларга 5% субсидия берилади.
- Биржа орқали минерал ўғит ва ёқилғи 10-15% арзон етказиб берилади.
- Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ҳар бир гектар учун молиялаштиришни 17,5 миллион сўмгача оширади (1,4 баробар ўсиш).
- Фермер ва деҳқонларни қўллаб-қувватлашнинг умумий ҳажми 2026 йилда 35 триллион сўмни ташкил этади.

Бундан ташқари, пахта ва ғаллага ихтисослашган фермерлар учун рейтинг тизими жорий этилмоқда. Рейтинги юқори бўлган (кредит, лизинг ва солиқлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги бўлмаган, камида 10 йиллик тажрибага эга) фермерларга пахта учун 8%лик имтиёзли кредитлар ажратилади.

Президент, шунингдек, пахтачиликда илмий ишланмалар ва таълимнинг муҳимлигини таъкидлади:
- 56 та маҳаллий навни хорижий навлар билан селекция қилиш орқали янги маҳаллий ғўза навлари яратилади. Геномика ва пахтачилик институтларига фитотрон ва иссиқхоналар қурилади.
- Янги инновацион қишлоқ хўжалиги мактаби орқали чўл шароитида 50-55 ц/га (алоҳида фермерларда 85 ц/га) ҳосилдорликка эришган "Мирзачўл" кластери тажрибаси оммалаштирилади. Унда 1000 нафар фермер ўқитилади ва курсни тамомлаганларга рейтингда қўшимча 10 балл берилади.
- Устоз-шогирд тизими жорий этилади: тажрибали фермерлар паст натижа кўрсатган фермерларга бириктирилади. Шогирдининг ҳосилдорлигини 50 ц/га оширгани учун мураббийга 5 миллион сўмдан берилади.
- Аграр университетнинг 180 нафар талабаси илғор кластер ва фермер хўжаликларида дуал таълим олади. Ҳар бир талаба учун фермерларга 5 миллион сўмдан, талабаларга 1,5 миллион сўмдан стипендия берилади. Ёш агрономлар ўқитилиб, инновацияларни жорий қилиш ва самарадорликни ошириш учун 167 та туманга 2 минг доллар маош билан юборилади.

Механизация даражасини 85%га етказиш учун 2026 йилда 800 та ўрим-йиғим машинаси, 450 та кўп функцияли сеялка ва 3000 та плёнка йиғиш машинаси харид қилиш режалаштирилган.

Бу чоралар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва қишлоқ аҳолиси фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Батафсил ўқиш Қайта ишланган полиэстер: Нега экологик мода микропластик муаммосини янада кучайтирмоқда?