Қозоғистон

Қозоғистондаги тикувчилик саноати қандай ҳолатда?

Қозоғистондаги тикувчилик саноати қандай ҳолатда?

Сўнги пайтларда Қозоғистоннинг тўқимачилик соҳаси ҳақида кўп гапирилди, хусусан Туркистон вилоятида Ўзбекистон ва Хитой билан ҳамкорликда пахта-тўқимачилик кластерларини яратиш орқали. Аммо мамлакатда ушбу соҳанинг ҳақиқий ҳолати қандай?

Буни Зиброо бренди мисолида кўриш мумкин. Мазкур Қозоғистон бренди тикув соҳасида муваффақиятга эришган кам сонли лойиҳалардан бири ҳисобланади. Уларнинг ютуқлари ортида эса — кадрлар етишмаслиги, давлат қўллаб-қувватлови йўқлиги ва ишлаб чиқаришнинг рентабел эмаслиги каби кўп йиллик тизимли муаммоларга қарши кураш ётади.

Зиброо фақат Қозоғистонда ишлаб чиқариш принципига содиқ компаниялардан бири. Аммо бу қарор кўпроқ идеологик, иқтисодий эмас. “Ишлаб чиқариш қувватларимизни сақлаб қолганмиз, аммо хомашё нархларининг ўсиши ва оғир солиқлар туфайли тўлиқ қувватда ишласак ҳам рентабелликни йўқотяпмиз”, — дейди компания вакиллари. Кўпчилик қозоғистонлик дизайнерлар эса маҳсулотларини Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистонда тикишади — сабаби оддий: Қозоғистонда ишлаб чиқариш иқтисодий жиҳатдан самарасиз.

Тикиш соҳасида яна бир жиддий муаммо — кадрлар етишмаслиги. Масалан, Олмаотанинг ўзида Зиброо фабрикасида буюртмалар етарли бўлса-да, ишчи кучи камлиги сабабли фақат 50% қувват билан ишламоқда. Завод ҳузурида махсус кадрлар тайёрлаш мактаби мавжуд бўлса-да, бу соҳа миқёсидаги муаммони ҳал қилмайди. Енгил саноат учун кадрлар тайёрлаш бўйича давлат томонидан тизимли қўллаб-қувватлаш мавжуд эмас.

Ҳудудларда вазият бироз яхшироқ, аммо умумий муаммолар сақланиб қолган: логистика, божхона расмийлаштируви билан боғлиқ муаммолар компания экспорт имкониятларини чекламоқда. Ҳолбуки, Зиброо халқаро даражада маълум — Милан, Германия кўргазмаларида қатнашган, АҚШ ва Россияда коллекцияларини сотган. Аммо Қозоғистонда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш мушкул, экспорт қилиш эса янада қимматроқ.

Постсовет ҳудудидаги кўплаб мамлакатларга таъсир кўрсатадиган парадокс: компания -60°C совуққа чидайдиган юқори технологияли курткалар ишлаб чиқаради, аммо ички бозорда сотолмайди. Сабаби — талаб йўқлиги эмас, балки маҳаллий харидорлар маҳаллий ишлаб чиқарувчига ишонмасдан, импорт маҳсулотларини афзал кўришади.

Туркия ва Ўзбекистон каби давлатларда имтиёзли дастурлар мавжуд бўлса, Қозоғистонда енгил саноат ҳалигача тизимли давлат қўллаб-қувватловисиз қолмоқда. Амалда самарали ёрдам чоралари йўқ. Янги солиқ кодекси вазиятни янада оғирлаштиради. Аксарият компаниялар фақат Б2Б буюртмалар ва ноаниқ тендерлар ҳисобига ҳаёт кечирмоқда.

Зиброо каби брендлар ўз ташаббусларини ўзлари амалга оширмоқда — масалан, Казакҳстан Фашион Week билан ҳамкорликда Олимпия формаси учун танлов ташкил қилишди. Аммо бу каби ҳолатлар — истисно. Агар солиқ имтиёзлари, хомашёга кириш ва адолатли тендерлар бўлмаса, соҳа ё бутунлай йўқолади, ёки бошқа мамлакатларга кўчиб кетади.

Батафсил ўқиш Онлайн кийим-кечак савдоларида қайтаришлар сони ортиб бормоқда