Тикувчилик ишлаб чиқаришидаги маҳкумлар: кадрлар алмашинивини камайтириш йўлида Қозоғистон тажрибаси

Кадрлар қўнимсизлигининг юқори даражаси енгил саноатда, айниқса тикувчилик соҳасида, асосий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Малакаси юқори ишчиларнинг етишмаслиги, ходимларнинг тез-тез алмашиши ва меҳнат ресурсларининг юқори миграцияси иш берувчиларни ноодатий ечимлар излашга мажбур қилмоқда.
ЛС АА ахборотига кўра, шундай ёндашувлардан бири Қозоғистонда аллақачон муваффақиятли қўлланилмоқда — маҳкумларни ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этиш.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда жазони ижро этиш тизими (ЖИТ) муассасалари ҳудудида қарийб 300 та хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Маҳкумларнинг қарийб ярми колониялар ҳудудида жойлашган хусусий компанияларда ишлайди. Бу ерда кенг турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади — махсус кийим-кечак, тўшак анжомлари ва пойабзалдан тортиб мебель ва металл буюмларигача.
Бизнес учун бу ёндашув бир нечта сабабга кўра фойдали:
Барқарор ишчи кучи — маҳкумлар бошқа иш излаб кетмайди, бу эса кадрлар қўнимсизлигини кескин камайтиради.
Тайёр инфратузилма — ЖИТ ижарага олиш ва цехларни ишга тушириш учун мос биноларни тақдим этади.
Харажатларни камайтириш — янги ходимларни излаш ва ўқитиш харажатлари камаяди, ишлаб чиқариш линиялари узоқ танаффусларсиз ишлайди.
Қозоғистонда бу ёндашув давлат даражасида қўллаб-қувватланмоқда. Енгил саноат корхоналари ва ЖИТ муассасалари ўртасида консорциумлар тузилмоқда, шунингдек, Миллий иш берувчилар конфедерацияси билан музокаралар олиб борилмоқда. Президент Қосим-Жомарт Тоқаев бизнесни ишлаб чиқариш цехлари қамоқхоналарда фаолият юритиши одатий бўлган мамлакатлар тажрибасидан фаолроқ фойдаланишга чақирди.
Тўғри ташкил этилганда бундай ҳамкорлик формати бир вақтнинг ўзида икки вазифани ҳал қилиши мумкин: маҳкумларга меҳнат орқали жамиятга қайтиш имконини бериш ва корхоналардаги кескин кадрлар муаммосини ёпиш. Қозоғистон тажрибаси минтақанинг бошқа давлатлари, жумладан, енгил саноати худди шундай муаммоларга дуч келаётган Ўзбекистон учун ҳам фойдали бўлиши мумкин.
