Тожикистонда биринчи халқаро тўқимачилик форум ва кўргазмаси бошланди

2025 йил 8 июль куни Душанбе шаҳрида Тожикистон Республикаси Саноат ва Янги Технологиялар Вазирлиги ҳамда Халқаро Тўқимачилик Ишлаб Чиқарувчилари Федерацияси (ИТМФ) ҳамкорлигида ташкил этилган Пахта-тўқимачилик ускуналари ва маҳсулотлари бўйича Халқаро Тўқимачилик Форум ва Кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Мазкур форум — Тожикистонда ушбу йўналишда илк бор ўтказилаётган халқаро миқёсдаги тадбир бўлиб, мамлакатнинг тўқимачилик саноатида минтақавий ва глобал миқёсда тутган ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Расмий манбаларга кўра, бу форум ва кўргазма биринчи марта 2025 йилда ташкил этилмоқда.
Тадбир давомида етакчи саноат вакиллари, инновацион технологиялар ишлаб чиқарувчилари ва соҳа экспертлари иштирокида тўқимачилик соҳасининг долзарб масалалари, янги технологиялар, барқарор ишлаб чиқариш ва халқаро ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинмоқда.
Кўргазма қисмида эса энг сўнгги тўқимачилик ускуналари, пахта маҳсулотлари ва илғор ишлаб чиқариш технологиялари намойиш этилмоқда.
Форум ва кўргазма 2025 йил 10 июльгача давом этади.
