Тожикистонда пахта терими қандай давом этмоқда?

Тожикистоннинг маҳаллий ҳокимлик маълумотларига кўра, Тожикистоннинг шимолидаги Суғд вилоятида пахта йиғим-терими қизғин давом этмоқда. Жумладан, Жаббор Расулов туманида 4350 гектар ерга пахта экилиб, 12 529 тонна ҳосил йиғиш режалаштирилган. 6-октябрь ҳолатига кўра, 7030 тонна пахта терилиб, умумий режанинг 56%дан ортиғи бажарилди. Хар куни 6 мингга яқин теримчи далаларда меҳнат қилмоқда.
Вилоят ҳокими Раҳаб Ахмадзода ҳудудга ташриф буюриб, “Заркор” фермер хўжалигидаги терим жараёнлари билан танишди ва ишларни тезлаштириш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
Шунингдек, у “Шамс 777” ва “Органик Ян” корхоналарининг фаолияти билан ҳам танишди. Бу ишлаб чиқарувчилар пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаб, калава ип, мато ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда.
Расмийлар пахта йиғимини ўз вақтида якунлаш ва миллий хом ашёни ички бозорда тўлиқ қайта ишлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтирмоқда. Бу эса нафақат маҳаллий ишлаб чиқаришни, балки экспорт салоҳиятини ҳам оширишга хизмат қилади.
