Тошкент вилоятида йирик чарм саноати зонаси барпо этилмоқда

“Дунё” АА хабарига кўра, Ўзбекистон ва Покистон ўртасида чарм саноатидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Покистоннинг Роял Леатҳер Индустриес Лимитед компанияси раҳбари Муҳаммад Азам Малик бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида муҳим инвестициявий лойиҳа илгари сурилди.
Унга кўра, Тошкент вилоятида тайёр чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий саноат зонаси барпо этилиши режалаштирилмоқда. Музокаралар давомида томонлар чарм-пойабзал саноатида ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Мазкур лойиҳа замонавий технологияларни жорий этиш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда Европа ва АҚШ каби йирик бозорларга экспорт ҳажмини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
