Тошкент вилоятида терини қайта ишлаш корхонаси қурилиши режалаштирилмоқда

Дунё АА хабарига кўра, Ўзбекистон ва Покистон чарм саноати соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Томонлар тери хомашёсини қайта ишлаш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйиш ва экспортга йўналтирилган чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди.
Ўзбекистонда фаолият юритаётган Покистоннинг “Шафиқ Бротҳерс” компанияси кунига 3 мингтагача тери қайта ишлаш қувватига эга замонавий корхона ташкил этиш ҳамда тайёр чарм маҳсулотларини МДҲ ва бошқа хорижий бозорларга экспорт қилишни режалаштирмоқда.
Томонлар лойиҳани Тошкент вилоятида амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди. Инвестор ушбу ташаббусни жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюришга тайёрлигини билдирди.
Мазкур лойиҳа маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, янги иш ўринлари яратиш ва мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
