Туркманистонда жун ип ишлаб чиқариш цехи ишга туширилди

Туркманистон оммавий ахборот воситаларининг маълум қилишича, Туркманистоннинг Мари вилоятида жойлашган Буюк Сапармурад Туркменбоши номидаги Байрамали тўқимачилик мажмуасида жун ип ишлаб чиқариш цехи ишга туширилди.
Янги корхона туя жуни ва эчки юнгини қайта ишлаб, йилига 130 тоннагача жун ип ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ҳудудда ушбу йўналишдаги биринчи ва ягона корхона ҳисобланади.
Цехда замонавий Италия технологиялари асосида Нм 8 дан Нм 27 гача бўлган бўялган ва бўялмаган жун иплар ишлаб чиқарилади. Тайёр маҳсулотлар икки ва уч қатламли ўрамларда экспорт қилинади ҳамда свитер, шарф, қўлқоп ва бошқа кийимлар тайёрлашда қўлланилади.
Мазкур лойиҳа мамлакатнинг тўқимачилик саноатини ривожлантириш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
